Ўзбекистонда замонавий ва халқаро аккредитация талабларига жавоб берувчи «ГМО таркибли маҳсулотларни аниқлаш» ва «ТОБни аниқлаш ҳамда уларни тадқиқ қилиш» бўйича иккита лаборатория очиш юзасидан франциялик ҳамкорлар билан Меморандум имзоланди. Фанлар Академияси матбуот хизмати шу ҳақида хабар берди.
2018 йилнинг октябрь ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Францияга ташрифи олдидан икки томонлама сиёсий, савдо-иқтисодий ва илмий техник ҳамкорлик истиқболлари юзасидан Ўзбекистон-Франция ҳукуматлараро комиссияси музокаралари ўтказилиб, унда Ўзбекистоннинг Европа бозорларига 6200 дан ортиқ савдо позициялари бўйича божсиз кириш ҳуқуқини берувчи Европа иттифоқининг бир томонлама тарифлар преференцияларига (GSP+, Generalised Scheme of Preferences) эга бўлиш имкониятлари бўйича келишув имзоланган эди.
Маълумот учун: GSP+ бу Европа иттифоқининг ривожланаётган давлатлар иқтисодига ва бозорига кўмак бериш учун улардан Европа иттифоқига сотилаётган товарларга паст божхона тарифлари ёки умуман тўловлардан озод этган ҳолда қабул қилишдир.
Бу жуда ҳам катта имконият бўлиб, унга эришиш учун ушбу тизимнинг ўзига хос талабларини бажариш лозим.
Бугунги кунда Ўзбекистонда GSP+ преференцияларига эга бўлиш учун талаб қилинадиган 27 конвенциянинг 25 таси бўйича ратификациялари амалга оширилган, сўнгги ратификация қилиниши шарт бўлган икки ҳужжат - Биохавфсизлик бўйича Картахен протоколи (ГМО) ва Турғун органик ифлослантирувчилар (ТОБ, заҳарли органик бирикмалар) бўйича Стокгольм конвенцияларини ратификация қилишдир. Ушбу масала Ўзбекистон-Франция ҳукуматлараро комиссияси томонидан ўрганиб чиқилди.
Музокараларда Ўзбекистон Республикаси ФА Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институтида Европа иттифоқининг маблағлари жалб қилинган ҳолда замонавий ва халқаро аккредитация талабларига жавоб берадиган «ГМО таркибли маҳсулотларни аниқлаш» ва «ТОБни аниқлаш ҳамда уларни тадқиқ қилиш» бўйича иккита лаборатория очиш юзасидан франциялик ҳамкорлар билан Меморандум имзоланди.
«Мазкур икки лабораториянинг очилиши юқорида таъкидланган икки ҳужжат талабинингбажарилиши орқали Ўзбекистонга янги савдо имкониятларининг кенгайишига сабаб бўлади. Бу ўз навбатида, мамлакатимиз иқтисодига сезиларли ижобий таъсир қилади ҳамда ушбу лабораторияларда параллель равишда ГМО ва ТОБ устида бутун минтақада ягона бўлган замонавий мавзуларда тадқиқот ишларини ўтказиш имконини беради», - дейилади манбада.