Тилов Муҳиддинов 1968 йилдан буён Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институтида фаолият юритиб келаётган эди. Олим 79 ёшида фан доктори бўлди.
Ўзбекистон Фанлар академияси ахборот хизматидан хабар беришларича, дастлаб катта лаборант, кичик илмий ходим, илмий ходим, катта илмий ходим, етакчи илмий ходим лавозимларида ишлаган олим 1997 йил биология фанлари номзоди илмий даражасини олиш учун “Ғўзада клейстогам гул билан хўжалик белгиларининг ўзгарувчанлик ва ирсият асосида боғланиши” мавзуси юзасидан диссертация ишини ҳимоя қилган. Йирик олимлар, жумладан, МДУ профессори С.Гостимский унинг ишига юқори баҳо бериб, ғўза генетикасида янги муҳим йўналиш ҳисобланган гул хилларини ўрганишда, фундаментал ва амалий тадқиқотларга асос бўлиб хизмат қилади, деган хулосани берган. Академик Ж.Мусаев, А.Абдуллаев, А.Абдукаримов, Россия Фанлар академияси академиги Г.Григоревлар томонидан сўнгги 35 йил ичида қилинган энг юқори савиядаги жаҳон аҳамиятига молик иш деб эътироф этилган.
Тилов Муҳиддинов узоқ йиллик изланишлари натижасида 2018 йилда “Ғўзада хазмогам ва клейстогам гуллаш белгиларини тадқиқ этиш асосида интенсив хусусиятли навлар яратиш” мавзусида докторлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди. Тадқиқот давомида олиб борилган изланишлар самарасида бир қатор ўта тезпишар, серҳосил ва қисқа вақт ичида ҳосили териб олинадиган юқори сифатли навлар яратилди.
Н.Тошпўлатова, ЎзА
http://www.uza.uz/oz/science/zbek-olimi-51-yillik-ilmiy-faoliyatidan-s-ng-fan-doktori-b-l-04-02-2019