Yagona aloqa raqami
  (+998) 71 2000036
;    
Ishonch telefoni
  (+998) 71 2335623

Akademik fan va zamonaviy axborot texnologiyalari​


Академик фан ва замонавий ахборот технологиялари​

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясида бўлиб ўтган халқаро илмий-амалий семинар шундай номланди.

Тадбирда мамлакатимиз илм-фан намояндалари, Бирлашган ядро тадқиқотлари институти (Дубна, Россия) Ахборот технологиялари лабораторияси етакчи олимлари ва Марказий Осиё тадқиқот ва таълим тармоғи (CАREN) вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президенти Б.Йўлдошев, Бирлашган ядро тадқиқотлари институти Ахборот технологиялари лабораторияси директори В.Коренков ва бошқалар илм-фан, таълим соҳаси равнақида ахборот технологияларидан амалий фойдаланиш, шунингдек, асосий маълумотлар базасини яратиш, йирик маълумотларни қайта ишлаш ва бошқариш тараққиётнинг асосий мезонига айланаётгани, бу жараёнда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш алоҳида аҳамият касб этишини таъкидлади.

Бирлашган ядро тадқиқотлари институти дунёда ўз нуфузига эга илмий марказ ҳисобланади. Ўн саккиз мамлакат билан илмий алоқаларни бирлаштирган мазкур даргоҳ ва Ўзбекистон олимлари ҳамкорлиги йилдан-йилга мустаҳкамланиб бормоқда. Институтдаги Ахборот технологиялари лабораториясининг асосий фаолияти тармоқ, ҳисоблаш ва ахборот ресурсларини таъминлаш, элементар зарралар физикаси, атом ядроси соҳасидаги экспериментал ва назарий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ. 

89227239-7d65-4b67-99e4-c6ffd900b34a.jpg

– Бугунги тадбирда россиялик ва қирғизистонлик олимлар ахборот технологияларининг энг сўнгги ютуқларига бағишланган маърузалари билан қатнашди, – деди Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице-президенти С.Мирзаев. – Бу нима учун керак, деган савол туғилади. Чунки бу соҳада йилдан-йилга янгиликларга эришилаётганига гувоҳ бўлаяпмиз. Юртимиз олимлари ва талабалари айнан шу ютуқлардан хабардор бўлиш ҳамда изланишларида улардан фойдалана олишни ўрганиши мақсадга мувофиқ. Масалан, катта ҳажмдаги маълумотларни қайта ишлаш ва ундан фойдаланиш бўйича ишлаб чиқилган технологиялар ҳақида тушунчалар бериш ҳамда уларни амалиётга татбиқ этиш асосий мақсадимиз. Бунинг учун эса шу масалада Россия ва Қирғизистон олимлари билан келишувларга эришишимиз лозим бўлади. Семинардан кўзланган натижа ҳам аслида шунга қаратилган.

Тадбирда Марказий Осиё тадқиқот ва таълим тармоғининг юқори тезликдаги алоқа тизими сифатида атроф-муҳитни ўрганишга оид тадқиқотлари, сейсмология, телетиббиёт, табиий ва маданий меросни асраш каби соҳалардаги ўрни ва аҳамияти ҳақида ҳам кенг маълумотлар берилди.

 

a3c5c2fe-678e-44f3-a667-55b4e9d83efc.jpg

– Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси билан илмий-технологик алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича шартнома имзолаганмиз, – деди Қирғизистон Республикаси Миллий Фанлар академияси академиги А.Кутанов. – Иштирокчиларга "Марказий Осиёда юқори тезликдаги CAREN тармоғига асосланган минтақавий ва глобал академик ҳамкорликни ривожлантириш” мавзуида маъруза ўқидим. Чунки мен Европа Иттифоқи комиссиясининг Марказий Осиё тадқиқот ва таълим тармоғи лойиҳасини таништириш билан ҳам шуғулланаман. Бугунги кунда университет ва институтлар олимлари, талабалар, шунингдек, госпиталь, кутубхона ва мактаблар ушбу тармоқнинг асосий фойдаланувчиларидир.

Якунда илмий-тадқиқот ишларининг самарадорлигини ошириш, фан, техника, иқтисодиётда ахборот технологияларининг илмий ва технологик салоҳиятини ошириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА мухбири

http://uza.uz/oz/society/akademik-fan-va-zamonaviy-akhborot-tekhnologiyalari-12-02-2019


Yangiliklarni telegram kanalimizda kuzatib boring!