Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Ёш олимлар кенгаши Академия қошида доимий фаолият юритувчи кенгаш маслаҳат органи бўлиб, ёш олимлар, доктарантлар ва мутахассисларнинг ижодий салоҳиятини самарали рўёбга чиқаришга кўмаклашиш, ташкилий илмий ва техник муаммоларни ҳал қилишнинг янги йўлларини излаш, муҳим ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш мақсадида 2017 йилда ташкил этилган. Бугунги кунда Кенгаш аъзолари 662 нафар турли йўналишларда илмий тадқиқотларини амалга ошираётган ёш олимлардир.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ёш олимлар кенгаши ўтган 2022 йилни “Йилнинг энг яхши мақоласи – 2022” танловини ташкил этишдан бошлаган эди. Танловнинг якуний босқичи ёш олимларнинг анъанавий баҳорги анжумани доирасида якунланди. Анжуман 2022 йилнинг май ойида ўтказилиб “ХХ аср – интеллектуал ёшлар асри” мавзусида Тошкент вилояти, Паркент туманидаги Фанлар академияси Материалшунослик институти ва Кумушкон сиҳатгоҳларида ноанъанавий тарзда бўлиб ўтди. Конференция натижаларига кўра “Ёш олимлар кенгаши” ташаббуси билан илмий мақолалар нашрга тайёрланиб ФА Ёш олимлар Ахборотномасининг №1, №2, №3, №4 сонларига киритилиб, чоп этилди.
Ёш олимлар илмий ишланмаларининг амалиётга жорий этилиши уларнинг илмий ишлари ҳаётга кўчиб натижа бераётганидан далолатдир.
Фанлар академияси Зоология институти ёш олимларининг илмий изланишлари натижаларини амалиётга тадбиқ этиш ишлари натижасида Феруза Акрамова, Улуғбек Шакарбоев ва Феруза Сафарова каби олимларимиз томонидан тайёрланган “Сув ва сув олди қўшлари билгарсиозлари ва уларнинг олдини олиш тадбирлари” тавсияномаси амалиётига жорий этилиб, қишлоқ ва сув хўжалиги ривожида фойдаланилмоқда.
Ёш олимларимиз эришаётган ютуқлар эса илм-фанни ривожи учун хизмат қилмоқда.
2022 йили ёш олим Рауфжон Маҳмудов Огаҳий тарихий асарлари лекцикасидаги ўзлашмалар қатламининг ўзига хос хусусиятларини тадқиқ қилиш бўйича илмий изланишлар олиб бориб, “Огаҳий тарихий асарларида ўзлашмалар” мавзусидаги филология фанлари доктори диссертациясини муваффақиятли ёқлади ва республикада соҳанинг энг ёш фан доктори бўлди.
Ёш олимларимиздан яна бири техника фанлари фалсафа доктори Жавоҳир Шерматов илмий-техник ва амалий муаммоларни ҳал этиш билан силикат, водород энергетикаси, карбон олиш технологиялари, гелиоматериалшунослик ва унга ёндош саноатлар учун самарадор турдаги маҳсулот таркибларини яратди ва бу ишланмалар ишлаб чиқариш корхоналарига тавсия этилди. У томонидан олиб борилаётган илмий изланишлар кўплаб чет эллик мутахассисларнинг қизиқишини ҳам уйғотган.
Биология фанлари бўйича фалсафа доктори, катта илмий ходим Адолат Мирзаева ҳозирги кунда “Каналар сўлак безининг биоактив таркиби, улардаги юқумли касалликларини тарқалиши ва электро антенограммага олфакто метрик реакцияси” (2021-2023 йй.) мавзусидаги Ўзбекистон – Ҳиндистон қўшма амалий лойиҳаси раҳбарлигини олиб бормоқда.
Илм йўлида изланаётган ёш олимларимизнинг бир қанчаси Жаҳон фанлар академиясининг қатор мукофотларини қўлга киритган. Жумладан, ўзбек математикларидан 4 нафари Жаҳон фанлар академияси академиги, 6 нафари ёш олимлар бўлими аъзоси саналади. Улар орасида физика-математика фанлари доктори Аброр Худойбердийев ҳам бор.
Фанлар академияси Ёш олимлар кенгаши халқаро ҳамкорлик борасида ҳам самарали ишларни, лойиҳаларни амалга оширишмоқда .Ёш олимлар кенгаши раиси Саид Гулямов 2022 йилнинг 1-3 декабр кунлари Сочида бўлиб ўтган Ёш олимларнинг II Конгрессидаги “Жаҳон илмий-техникавий тараққиётининг устувор ёʻналишлари: “2030 йилга назар” мавзусидаги Халқаро ёшлар форумида иштирок этиб қайтди.
Кейинги йилларда фан докторларининг ёши кескин ёшаргани, илм-фанга ёшларнинг кўпроқ кириб келаётгани мамлакат илм-фанининг ютуғидир. Биргина ўтган йилда Ёш олимлар кенгашининг 20 дан ортиқ аъзолари ўз илмий ишларини ҳимоя қилиб, илмий даражаларга эга бўлишди. Бугун Кенгаш аъзоларининг 70 фоизидан кўпроғи илмий даражага эга бўган ёш ва билимли олимлардир.
Бугун Сизга ёш олимларимиз эришаётган ютуқларни маълум қисминигина етказдик. Фанлар академияси Ёш олимларининг илмий изланишлари, тадқиқотлари ва илм-фандаги ютуқлар билан бизнинг расмий веб-сайтимиз academy.uz орқали хабардор бўлиб боришингиз мумкин. Эътиборингиз учун раҳмат, саломат бўлинг!