Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясида Корея Республикаси Маданий мерос бошқармаси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Академия матбуот хизматининг Kun.uz'га хабар беришича, унда икки томон ўзаро маданий мерос объектларини консервация қилишга оид тажриба алмашиш, уларни сақлаш, археология соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича музокаралар олиб боришди.
Шунингдек, Корея Республикаси Маданий мерос бошқармаси вакиллари ўзбек олимлари билан биргаликда археологик тадқиқотлар олиб бориш, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Археологик тадқиқотлар институтида археологик изланишлар натижаларини сақлаш ва ҳимоя қилиш бўйича илмий лабораториялар ҳолатини яхшилаш, ўзбек мутахассисларини Кореяда, корейс мутахассисларини Ўзбекистонда ўқитиш учун катта миқдордаги сармоя ажратиш ниятида эканини билдиришди.
Музокаралар якунига кўра, томонлар ўзаро ҳамкорликка оид меморандумни имзолашга келишишди. Мазкур битим Ўзбекистондаги моддий ва номоддий меросни қайта ишлаш, сақлаш, шу йўналишдаги икки давлат илмий тадқиқот муассасаси ҳамда музейлари ҳамкорлиги, кўргазмалар ва конференциялар ўтказилишини кўзда тутади. Ҳужжат жорий йилнинг апрель ойида имзоланиши кутилмоқда.