O'zbekistonlik olim sal kam 80 yoshida fan doktori bo'ldi

1968 йилдан буён Фанлар академияси Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институтида фаолият юритиб келаётган Тилов Муҳиддинов 79 ёшида фан доктори бўлди. Бу ҳақда «Дарё»га ФА матбуот хизмати маълум қилди.

Фото: ФА матбуот хизмати

Дастлаб катта лаборант, кичик илмий ходим, илмий ходим, катта илмий ходим, етакчи илмий ходим лавозимларида ишлаган олим 1997 йилда биология фанлари номзоди илмий даражасини олиш учун «Ғўзада клейстогам гул билан хўжалик белгиларининг ўзгарувчанлик ва ирсият асосида боғланиши» мавзуси юзасидан диссертация ишини ҳимоя килган. Унинг иши йирик олимлар томонидан сўнгги 35 йил ичида қилинган энг юқор савиядаги жаҳон аҳамиятига молик тадқиқот сифатида эътироф этилган.

Тилов Муҳиддинов узоқ йиллик изланишлари натижасида 2018 йилда «Ғўзада хазмогам ва клейстогам гуллаш белгиларини тадқиқ этиш асосида интенсив хусусиятли навлар яратиш» мавзусида докторлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди.

— У киши узоқ йиллар давомида шу даргоҳда самарали фаолият юритиб, устоз-шогирд анъанасини давом эттирмоқда. Илмий изланишлардан бир зум ҳам тўхтамади, 79 ёшида докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. Устоз шу жиҳати билан ҳам барчага ўрнак бўла олади, — дейди институт директори Абдужалил Наримонов.

Тилов Муҳиддинов ўрта толали, клейстогам гулли ва йирик чаноқли навлар яратиш устида илмий изланишлар олиб бормоқда. Ушбу тадқиқотларнинг натижаси ўлароқ 80 дан ортиқ илмий мақолалар, амалий-услубий қўлланмалар чоп этган.

https://daryo.uz/k/2019/02/01/o%CA%BBzbekistonlik-olim-salkam-80-yoshida-fan-doktori-bo%CA%BBldi/