Fanlar akademiyasi Ustavi

Ўзбекистон Республикаси

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 31 майдаги

331-сон қарори билан

тасдиқланган

 

 

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг

УСТАВИ

 

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси (кейинги ўринларда Фанлар академияси деб аталади) мамлакатнинг фан, техника, маданият ва маърифат соҳасида фундаментал, амалий ва инновацион илмий тадқиқотларни (кейинги ўринларда илмий тадқиқотлар деб аталади) амалга оширувчи етакчи давлат илмий муассасаси ҳисобланади.

2. Фанлар академияси ўз тизимида амалга оширилаётган илмий тадқиқотларни самарали бошқаришни ва мувофиқлаштиришни ҳамда давлатнинг интеллектуал, ижтимоий-иқтисодий ва маънавий-маърифий салоҳиятини оширишга хизмат қиладиган фан ютуқлари ва илмий ҳажмдор технологияларнинг жорий этиш учун тақдим этилишини таъминлайди.

3. Фанлар академияси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига ҳамда ушбу Уставга амал қилади.

4. Фанлар академияси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот беради.

5. Фанлар академиясининг Устави Фанлар академияси Умумий йиғилиши тавсияси билан унинг Президиуми томонидан қабул қилинади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Фанлар академияси Уставига ўзгартириш ва қўшимчалар Фанлар академияси Президиуми қарори билан киритилади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

6. Фанлар академиясининг фаолияти Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети ва белгиланган тартибда жалб этилган бюджетдан ташқари маблағлар асосида молиялаштирилади.

7. Фанлар академияси, унинг минтақавий бўлимлари, илмий-тадқиқот муассасалари ва унга бўйсунувчи бошқа ташкилотлар юридик шахс ҳисобланади, ўзининг мустақил балансига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ҳамда ташкилот номи ёзилган думалоқ муҳрга, бошқа зарур муҳр ва штампларга, банк ҳисоб рақамларига, жумладан валюта ҳисоб рақамига эга бўлади.

8. Фанлар академиясининг манзили (почта манзили):     

Ўзбекистон Республикаси, 100047, Тошкент шаҳри, академик Яҳё Ғуломов кўчаси, 70-уй.

9. Фанлари академиясининг расмий номланиши:

давлат тилида - “O‘zbekiston Respublikasi Fanlar akademiyasi”;

рус тилида - “Академия наук Республики Ўзбекистан”;

инглиз тилида - “Uzbekistan Academy of Sciences”.

2-боб. Фанлар академиясининг асосий вазифалари ва функциялари

10. Куйидагилар Фанлар академиясининг асосий вазифалари ҳисобланади:

табиий, техникавий ва ижтимоий-гуманитар фанлар соҳаларида илмий тадқиқотлар олиб бориш;

фаннинг таълим ва ишлаб чиқариш билан интеграцияси механизмларини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш;

иқтисодиёт тармоқлари ва республика минтақалари эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда фан ва технология ривожланишининг устувор йўналишлари, давлат илмий-техникавий дастурларини шакллантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

жаҳон ва мамлакатимиз фани ютуқларини ўрганиш ва таҳлил қилиш, улардан Ўзбекистон Республикаси манфаатлари йўлида фойдаланиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш;

мамлакатимиз фани, илмий салоҳияти, фан-техника соҳасида эришилган ютуқларни тарғиб ва ташвиқ қилиш;

Фанлар академиялари, чет давлатларнинг илмий-тадқиқот ташкилотлари ва фондлари билан халқаро ҳамкорликни амалга ошириш, халқаро илмий форум ва анжуманларни ташкил этиш ва ўтказишда қатнашиш;

Фанлар академияси ташкилотларининг илмий салоҳияти ва моддий-техника базасидан фойдаланиб юқори малакали кадрларни тайёрлашда иштирок этиш.

11. Фанлар академияси ўзига юкланган масалаларни ҳал этиш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:

а) илмий тадқиқотлар олиб бориш соҳасида:

фан, техника ва инновацион ривожланиш соҳасида давлат ва бошқа турдаги дастур ва лойиҳаларни амалга оширишни таъминлайди;

давлат ва жамиятни ижтимоий-иқтисодий, илмий-техникавий, маданий-маърифий ва маънавий-ахлоқий ривожлантиришга йўналтирилган табиий, техникавий, тиббий, қишлоқ ҳўжалиги, ижтимоий-гуманитар фанлар соҳасида илмий тадқиқотлар олиб боради;

табиат, жамият ва инсоният, сунъий яратилган объектлар тараққиёти, миллатлар, миллий маданиятлар, давлат ва миллий муносабатларнинг ривожланиш муаммолари ва жараёнлари, таълим ва маърифат масалаларини тадқиқ этади, амалга оширилган илмий тадқиқот натижалари асосида ушбу йўналишларга оид масалаларнинг ечими бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

янги техника, замонавий технологиялар ва улардан амалиётда фойдаланиш тамойилларини ишлаб чиқади;

олимлар ва илмий тадқиқот олиб бораётган жамоаларнинг илмий асарларини тезкорлик билан эълон қилиш мақсадида ноширлик фаолиятини амалга оширади, Фанлар академиясининг даврий нашрларини тайёрлаш ва чоп этиш ишларини таъминлайди, Фанлар академиясининг даврий нашрлари таҳририяти таркибига хорижий олимларни жалб этади ва уларнинг фаолиятини ташкиллаштиради;

илмий тадқиқотларни ташкил этиш ва амалга ошириш ҳамда Фанлар академиясига бўйсунадиган илмий-тадқиқот муассасалари, шунингдек ўз тасарруфидаги муассасаларда фаолият юритаётган илмий ходимлар ва мутахассисларнинг самарали фаолиятини таъминлайди;

белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига Фанлар академияси таркибига кирувчи илмий-тадқиқот муассасалари, уларнинг филиаллари ва бошқа ташкилотларни ташкил этиш, қайта ташкил қилиш ва тугатиш бўйича таклифлар киритади;

илмий-техникавий муаммолар ва ўтказилган илмий тадқиқотлар натижалари бўйича танловлар ташкил қилади;

б) фаннинг таълим ва ишлаб чиқариш билан интеграцияси механизмларини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш бўйича:

фан, таълим, ишлаб чиқариш интеграцияси жараёнлари ва тармоқ илмий-тадқиқот муассасалари ва ишлаб чиқариш ташкилотлари, олий ва ўрта махсус, касб- хунар таълими муассасалари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, жойлардаги давлат ҳокимияти органлари, илмий ва илмий-техник жамиятлар, ижодий бирлашмалар ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро манфаатли илмий ҳамкорликни ривожлантиради ва такомиллаштиради;

Фанлар академиясининг илмий-тадқиқот муассасалари ҳамда тармоқ илмий-тадқиқот муассасаларини ёш иқтидорли кадрлар билан тўлдириш ва ёшига кўра фаолиятини тўхтатаётган илмий ходимларнинг табиий алмашинувини таъминлаш учун ёш мутухассисларни тайёрлаш мақсадида Фанлар академияси илмий-тадқиқот муассасалари ва тармоқ илмий-тадқиқот муассасалари ўртасида яқиндан алоқа ва ҳамкорликнинг йўлга қўйилишини таъминлайди;

Фанлар академияси илмий-тадқиқот муассасаларининг илмий-ўқув марказлари ва олий таълим муассасалари билан қўшма кафедралари базасида соҳавий мутахассисликлар бўйича магистр ва бакалаврларнинг чуқурлаштирилган илмий тайёргарлигини ташкил этади;

Фанлар академиясининг илмий-тадқиқот муассасалари ва олий таълим муассасаларининг соҳавий факультетлари базасида олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот муассасалари ходимлари ҳамкорликда фундаментал ва амалий тадқиқотлар олиб борадиган идоралараро илмий-тадқиқот лабораторияларини ташкил этади;

Фанлар академиясининг академиклари ва етакчи олимлари томонидан соҳавий олий ўқув юртларида маъруза машғулотлари ўтказилишини, фан доктори илмий даражаси ва PhD талабгорларига ҳамда магистрларнинг илмий ишларига раҳбарликнинг амалга оширилишини таъминлайди;

шакллантирилаётган инновацион ва (ёки) илмий-технологик тузилмалар (технопарклар, инновацион марказлар ва бошқалар) фаолиятининг илмий-услубий таъминотида иштирок этади;

интеллектуал мулк объектларидан ва илмий ишланмалар натижаларидан фойдаланиш ва уларнинг тижоратлашуви самарали механизмларини ишлаб чиқишда кўмаклашади;

фаннинг моддий базаси ва ижтимоий таъминотини ривожлантиришга, фан, таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга, интеграция механизмларини такомиллаштиришга, фаннинг инновацион салоҳиятини самарали ишга солишга доир таклифларни Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритишда ташаббус кўрсатади ва уларни ишлаб чиқишда бевосита иштирок этади;

давлат томонидан илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари, шунингдек олинган натижалар ва инновацион ишланмаларни жорий қиладиган ва улардан фойдаланадиган ташкилотларга бериладиган преференция ва имтиёзлардан фойдаланиш механизмларини такомиллаштириш ва уларнинг самарадорлигини ошириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқишда иштирок этади;

в) республика иқтисодиёти тармоқлари ва минтақаларининг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда фан ва технологияларни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини, давлат илмий-техникавий дастурларини шакллантириш бўйича қуйидаги йўналишларда таклифлар ишлаб чиқиш соҳасида:

истиқболли илмий тадқиқотларнинг давлат ва бошқа илмий-техникавий дастурларни;

мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш давлат дастурларини (илмий-услубий экспертиза ва дастурларни амалга оширишнинг мақсадга мувофиқлигини асослаш);

жамият ва давлат тараққиётини таъминловчи илмий тадқиқотлар ва илғор технологияларнинг устувор ва истиқболли йўналишларини ривожалантириш стратегиясини;

илмий-тадқиқот муассасаларининг илмий тадқиқотлари ва илмий-инновацион фаолиятини бюджетдан ва белгиланган тартибда жалб этилган бюджетдан ташқари манбалардан молиялаштирилишининг самарали механизмларини ишлаб чиқишда иштирок этади;

г) дунё ва ватанимиз фани ютуқларини ўрганиш ва таҳлил қилиш, улардан Узбекистон Республикаси манфаатлари йўлида фойдаланишга доир тавсиялар ишлаб чиқиш соҳасида:

дунё фани ва техникаси ютуқларини умумлаштиради ва фойдаланишга тавсия этади, илмий-тадқиқот муассасалари фаолиятига хорижий ва ички инвестицияларнинг жалб этилишини ва улардан оқилона фойдаланилишини таъминлайди;

иқтисодиётнинг имлий ҳажмдор тармоқларини ривожлантириш ва Фанлар академияси тасарруфидаги илмий муассасалар базасида илмий ҳажмдор ишлаб чиқаришни ташкил этишга кўмаклашади;

Фанлар академиясида яратилган “ноу-хау” ва бошқа интеллектуал мулк объектларининг ўз вақтида патентланишида, шу жумладан, халқаро патентлар олишида кўмаклашади, ҳимоя қилади ва улардан ўз фаолиятида қонунчиликка мос равишда фойдаланади;

д) мамлакатимиз илм-фани ютуқлари, илмий билимлар, фан ва техникани оммалаштириш ва тарғиб этиш соҳасида:

мамлакатимиздаги ва чет эллик олимларнинг янги илмий ютуқлари, шунингдек, ўтмишда яшаб ўтган мутафаккирлар ва олимларнинг бой илмий меросини оммалаштириш орқали илмий билимларни тарқатади;

фан ва таълимнинг жамият ҳаётидаги нуфузи ва аҳамиятини ошириш, илмий ходимларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва уларнинг ҳуқуқларини таъминлашга доир тадбирларни амалга оширади;

Фанлар академиясининг таниқли олимлар шарафига ва уларнинг номи билан аталувчи мукофотларини таъсис этиш бўйича белгиланган тартибда таклифларни киритади ва бу мукофотларни юксак илмий ва илмий-техник ютуқларга эришган олимлар ҳамда ижодий жамоаларга беради;

илмий-тадқиқотларнинг энг муҳим йўналишлари бўйича илмий кенгашлар, жамиятлар ва бошқа бирлашмаларни ташкил этади, уларнинг самарали ишлашини таъминлайди ҳамда илм-фанни ривожлантиришда уларнинг имкониятларидан кенг фойдаланади;

е) хорижий мамлакатларнинг Фанлар академиялари, илмий-тадқиқот ташкилотлари ва фондлари билан халқаро ҳамкорликни амалга ошириш, илмий кадрлар тайёрлаш, халқаро, республика илмий форумлари ва конференцияларини ташкил этиш ва ўтказишда иштирок этиш соҳасида:

хорижий мамалакатлар Фанлар академияларининг илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари билан, жумладан қўшимча илмий лойиҳаларни бажариш орқали халқаро илмий-техник ҳамкорликнинг самарали шакллари ва йўналишларини ривожлантиради;

докторантура дастурлари доирасида илмий кадрларнинг, шу жумладан, Фанлар академияси илмий-тадқиқот муассасаларидаги ёш олимларнинг хориждаги етакчи илмий ва таълим муассасаларида ўқишини, стажировкасини, малакасини оширишни ташкил этади;

ўзаро тажриба алмашиш, иш усуллари ва янги илмий-тадқиқотларни йўлга қўйиш ҳамда ёш илмий кадрларни тайёрлаш учун етакчи хорижий олимларнинг жалб этилишини таъминлайди;

хорижий илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари билан ҳамкорликдаги илмий тадқиқотларни бажариш учун хорижий ташкилотлар ва жамғармаларнинг халқаро илмий грантларини талаб этилишини таъминлайди;

долзарб илмий-техник муаммолар ҳамда буюк мутаффакирлар, машҳур фан ва адабиёт арбоблари шарафига бағишланган халқаро илмий, илмий-техник конгресслар, конференциялар, симпозиумлар, семинарларни ташкил этиш ва ўтказишда, шунингдек, халқаро илмий журналларнинг таҳрир ҳайъатлари ишларида иштирок этади;

ж) Фанлар академияси муассасаларининг илмий салоҳияти ва моддий-техника базасидан фойдаланган ҳолда юқори малакали кадрлар тайёрлашда иштирок этиш соҳасида:

юқори малакали илмий кадрлар тайёрлашга доир ишларни олиб боради, олимларнинг ижодий фаолияти учун зарур шарт-шароитларни таъминлайди;

Фанлар академиясининг илмий ва моддий-техника базасидан фойдаланган ҳолда илмий-тадқиқотларни ташкил этиш ва ўтказишга фан тармоқлари бўйича юқори малакали илмий кадрлар тайёрлашда тармоқ илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларига кўмаклашади;

олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилар таркиби малакасини оширишни ташкил этишда иштирок этади.

3-боб. Фанлар академияси, унинг минтақавий бўлимлари, илмий-тадқиқот муассасалари ҳамда тасарруфидаги бошқа ташкилотларнинг ҳуқуқ ва масъулияти

12. Фанлар академияси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ўз вазифаларини амалга ошириш жараёнидаги долзарб ва устувор муаммоларни ҳал этиш учун қонунчиликни такомиллаштириш бўйича белгиланган тартибда таклифлар киритиш ҳуқуқига эта.

13. Фанлар академияси, унинг минтақавий   бўлимлари, илмий-тадқиқот муассасалари ҳамда тасарруфидаги бошқа ташкилотлар ўз уставларига мувофиқ акциядорлик жамиятларининг таъсисчилари ва иштирокчилари сифатида иштирок этиш, шунингдек, бюджетдан ташқари маблағлар ва манбалар ҳисобидан қонунчиликка зид келмайдиган тарзда турлича фаолиятларни амалга ошириш ҳуқуқига эгадирлар.

14. Фанлар академияси, унинг минтақавий   бўлимлари, илмий-тадқиқот муассасалари ҳамда тасарруфидаги бошқа ташкилотлар мол-мулклари, улар томонидан яратилган интеллектуал мулк объектлари (илмий-тадқиқот ишлари натижалари, “ноу-хау” лар, экспериментал-конструкторлик ишланмалари, ихтиролар, саноат намуналари, селекция, уруғчилик ютуқлари ва бошқаларга) белгиланган тартибда эгалик қилиш, уларни тасарруф этиш ва улардан фойдаланиш ҳуқуқини амалга оширадилар.

15. Фанлар академиясининг алоҳида ваколатларига қуйидагилар киради:

олимлар, адабиёт, маданият ва санъат арбобларининг қўлёзмалари ва архивлари, шунингдек, Фанлар академиясининг илмий-тадқиқот муассасалари ва тасарруфидаги бошқа ташкилотларнинг фан тарихи учун қимматли бўлган архив ва бошқа материалларини ушбу объектларнинг интеллектуал мулк ҳуқуқларини муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича қонунчилик талабларига риоя қилган ҳолда сақлаш;

Ўзбекистон Республикаси ҳамда хорижий мамлакатлар илмий-тадқиқот муассасалари ва олий ўқув муассасалари, кутубхоналар, музейлар билан босма нашрларни алмашиш.

16. Фанлар академияси, унинг минтақавий бўлимлари, илмий-тадқиқот муассасалари ҳамда тасарруфидаги бошқа ташкилотлар ўз зиммасига юкланган мақсад ва вазифаларнинг самарали бажарилиши учун масъул ҳисобланадилар.

4-боб. Фанлар академияси таркиби

17. Фанлар академияси фаолияти илмий-тармоқ ва минтақавий тамойиллар бўйича ташкил этилади.

18. Фанлар академияси академиклар ва Фанлар академиясининг хорижий аъзолари, шунингдек ўз муассасаларида хизмат қилувчи илмий ходимлар ва муассасаларни бирлаштиради.

19. Фанлар академияси таркибига қуйидагилар киради:

бошқарув аппарата;

минтақавий бўлимлар;

илмий-тадқиқот муассасалари;

“Академтаъминот” ДУК;

Фанлар академияси тузилмасига кирувчи бошқа ташкилотлар.

20. Фанлар академиясининг таркибий тузилмаси ва унинг бошқарув аппарати таркиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.

Зарурат бўлганда Фанлар академияси президенти ходимларнинг тасдиқланган чекланган умумий сони доирасида Фанлар академияси бошқарув аппарати таркибига ўзгартиришлар киритиши мумкин.

21. Фанлар академияси президента Фанлар академиясининг илмий-ташкилий фаолиятига раҳбарлик қилади.

Фанлар академияси Президиуми Фанлар академияси фаолиятини тезкор бошқаришнинг коллегиал органи ҳисобланади. Фанлар академияси Президиуми таркибига куйидагилар киради: Фанлар академияси президенти, вице-президентлар, бош илмий котиб, минтақавий бўлимлар раислари, фан соҳалари бўйича бўлимлар раҳбарлари - Фанлар академияси илмий котиблари.

22. Фанлар академияси президенти ҳузурида илмий-тадқиқот муассасалари директорлари кенгаши ва Фанлар академияси ҳақиқий аъзолари - Фанлар академияси бўлимлари вакиллари Кенгашидан (кейинги ўринларда Кенгаш деб аталади) таркиб топган жамоатчилик асосидаги Фанлар академияси муассасалари фаолиятини мувофиқлаштирувчи Кенгаш фаолият кўрсатади.

Кенгаш фаолияти тартиби мазкур Уставда ҳамда Фанлар академияси Президиуми томонидан тасдиқланадиган илмий-тадқиқот муассасалари директорлари ва Фанлар академияси ҳақиқий аъзолари - Фанлар академияси фанлар бўлимлари вакиллари Кенгаши тўғрисидаги Низомда белгиланади.

Кенгаш раиси Кенгаш аъзолари томонидан очиқ овоз бериш йўли билан бир йил муддатга сайланади.

23. Фанлар академиясида жамоатчилик асосида фанлар соҳалари бўйича Муаммоли академик илмий Кенгаш ва идоралараро илмий-техникавий кенгашлар (кейинги ўринларда илмий кенгашлар деб аталади) шакллантирилади.

Илмий кенгашлар маслаҳат органлари бўлиб, мамлакатимизда олиб борилиши лозим бўлган ва жамиятимизнинг тараққиётига доир илмий тадқиқотларнинг устувор йўналишларини аниқлашга, ушбу йўналишлар бўйича бажарилаётган илмий ишларнинг аҳамияти ва самарадорлигини жаҳон фанининг юксак талаблари даражасида баҳолашга ҳамда етакчи маслаҳат-эксперт илмий жамоа сифатида фаолият кўрсатади, мамлакатимиз илм-фанининг нуфузини жаҳон миқёсида оширишга бевосита хизмат қилади.

Илмий Кенгашлар таркибига Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолари, илмий-тадқиқот муассасалари (жумладан, тармоқ илмий-тадқиқот муассасалари) ва олий таълим муассасалари вакиллари ҳамда юқори малака ва тажрибага эга бўлган амалиётчи-мутахассислар киради.

Илмий кенгашлар ушбу Устав ва Фанлар академияси Президиуми тасдиқлаган Низом асосида иш олиб боради.

24. Фанлар академиясида Энг янги тарих бўйича Жамоат кенгаши фаолият юритади, Фанлар академияси ҳузуридаги Ўзбекистоннинг энг янги тарихи масалалари бўйича Мувофиқлаштирувчи методик марказ унинг ишчи органи ҳисобланади. Улар белгиланган тартибда тасдиқланган ўз низомлари асосида иш юритади.

25. Зарурат бўлганда, Фанлар академияси бош илмий котиби ва вице-президентлари ҳузурида Фанлар академиясининг экспертлари ва юқори малакали мутахассисларидан иборат комиссия тузилади.

26. Фанлар академиясининг минтақавий бўлимлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудларида фан ва илмий-техниқавий салоҳиятни ривожлантириш мақсадида тузилади.

27. Фанлар академияси минтақавий бўлимлари ўз фаолиятида бевосита Фанлар академияси президентига бўйсунади.

Минтақавий бўлимлар тасарруфидаги, шу жумладан илмий-тадқиқот муассасаларига раҳбарлик лавозим ваколатлари Фанлар академияси президенти томонидан тасдиқланадиган бўлим раиси, унинг ўринбосари ва бош илмий котиб томонидан амалга оширилади.

Минтақавий бўлим раислари Фанлар академияси Президиуми қарорлари ва Умумий йигилиш тавсиялари, шунингдек, Фанлар академияси президенти буйруқлари ижросини таъминлайди.

Фанлар академиясининг Қорақалпогистон бўлими раиси, Хоразм Маъмун академияси раиси ва Фанлар академиясининг Навоий бўлими раиси мақомига кўра Фанлар академияси вице-президентига тенглаштирилади.

28. Минтақавий бўлим раҳбари ўринбосари ва бош илмий котиби Фанлар академияси президенти томонидан минтақавий бўлим раиси тавсияси асосида беш йил муддатга тасдиқланади.

29. Минтақавий бўлимлар ўз фаолиятларини мазкур Уставга ҳамда Фанлар академияси Президиуми томонидан тасдиқланган минтақавий бўлим уставларига мувофиқ амалга оширади.

30. Фанлар академиясининг илмий-тадқиқот ва илмий-ишлаб чиқариш фаолияти унинг илмий-тадқиқот муассасаларида амалга оширилади.

31. Илмий-тадқиқот муассасаси ўз илмий-ташкилий фаолиятини Фанлар академиясининг назорат қилувчи вице-президенти билан келишган ҳолда амалга оширади.

Вице-президентнинг асосий вазифаси - назоратидаги илмий-тадқиқот муассасалари фаолиятига самарали ёрдам кўрсатиш, уни тартибга солиш ва мувофиқлаштиришдан иборатдир.

32. Илмий-тадқиқот муассасаси директори назорат қилувчи вице-президент тавсиясига кўра Фанлар академияси президенти томонидан йирик олимлар - қоидага кўра, фан докторлари орасидан меҳнат шартномаси қонунчилигига мувофиқ беш йил муддатга тайинланади.

Илмий-тадқиқот муассасаси директорининг функционал вазифалари Фанлар академияси президенти томонидан тасдиқланади.

Илмий-тадқиқот муассасаси директори ўзи бошқараётган муассасанинг фаолияти учун шахсан жавоб беради.

33. Илмий-тадқиқот муассасаси директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари (фан доктори, номзоди ёки фалсафа доктори (Ph.D)), илмий котиби (фан доктори, номзоди ёки фалсафа доктори (Ph.D)) назорат қилувчи вице-президент билан келишилган ҳолда илмий-тадқиқот муассасаси директори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

Директорнинг илмий ишлар бўйича ўринбосари ҳамда илмий котибнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари директор томонидан илмий-тадқиқот муассасаси уставига мувофиқ белгиланади.

Илмий-тадқиқот бўлинмаси (илмий-тадқиқот муассасаси бўлими, лабораторияси) мудири, қоидага кўра, илмий-тадқиқот муассасаси илмий кенгаши тавсия этган фан докторлари орасидан директор томонидан тайинланади.

34. Илмий-тадқиқот муассасаси директори ҳузурида Илмий Кенгаш тузилади, унинг таркибига лаборатория (бўлим) мудирлари, илмий лойиҳа раҳбарлари ва бошқа етакчи олимлар киради.

Илмий-тадқиқот муассасасининг Илмий кенгаши маслаҳат органи ҳисобланади, у ушбу Устав ва илмий-тадқиқот муассасаси уставига мувофиқ иш юритади.

35. Илмий-тадқиқот муассасалари ушбу Устав ва назорат қилувчи вице-президентлар билан келишилган ва Фанлар академияси президенти томонидан тасдиқланган ўз уставларига мувофиқ иш юритадилар.

5-боб. Фанлар академиясининг умумий йигилиши

36. Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолари ва Фанлар академияси муассасалари директорларидан иборат Фанлар академиясининг Умумий йигилиши Фанлар академиясининг олий коллегиал ва маслаҳат органи ҳисобланади.

37. Умумий йигилиш аъзолари Умумий йиғилишда кўриб чиқилаётган масалалар юзасидан тенг ҳуқуқларга эга.

38. Умумий йигилиш илм-фан ривожланишининг энг муҳим масалалари ва Фанлар академияси фаолиятини кўриб чиқиш учун Фанлар академияси Президиуми томонидан зарурат туғилганда ёки йилига камида бир марта чақирилади.

39. Умумий йиғилиш:

илм-фанни ривожлантиришнинг устувор ва истиқболли йўналишларини муҳокама қилади ҳамда улар бўйича керакли тавсиялар ишлаб чиқади;

Фанлар академиясининг хорижий аъзоларини сайлайди;

Фанлар академияси президента, вице-президентлари ва бош илмий котибни сайлайди, шунингдек уларни мазкур Уставнинг 53 ва 55-бандларида кўрсатилган тартибда бирор лавозимга сайлаш ёки узи эгаллаб турган лавозимдан озод этиш тўғрисидаги таклифларни киритади;

Уставдаги масалалар ва Фанлар академияси фаолияти юзасидан Фанлар академияси Президиумига таклифлар киритади;

Фанлар академияси Президиумининг маърузалари ва ҳисоботларини муҳокама қилади;

Фанлар академиясининг атоқли олимлар номидаги мукофотларини таъсис этиш тўғрисида қарор қабул қилади ҳамда белгиланган тартибда улар билан етакчи олимлар ва илмий жамоаларни тақдирлайди;

40. Умумий йиғилиш Фанлар академияси Президиуми Фанлар академияси ҳақиқий аъзолари ва Фанлар академияси илмий-тадқиқот муассасалари директорларининг камида учдан бир қисмининг, шунингдек минтақавий бўлимларнинг таклифига кўра улар тавсия этган кун тартибини муҳокама қилиш учун чақирилиши мумкин.

Умумий йитилишда Фанлар академияси Президиуми таклиф этган шахслар қатнашишлари ва кун тартиби бўйича сўзга чиқишлари мумкин.

41. Умумий йиғилиш аъзолари рўйхатидаги таркибнинг камида учдан икки қисми мажлисда қатнашганда ва қарор қабул қилиш учун қатнашчиларнинг камида учдан икки қисми овоз берган тақдирда Умумий мажлис тўла ҳуқуқли бўлади ва унинг қарорлари қабул қилинган ҳисобланади.

42. Фанлар академиясининг Президиуми овоз беришда чет эл хизмат сафарида бўлган ёки саломатлиги туфайли мажлисда қатнаша олмайдиган Умумий йигилиш аъзоларини махсус қарор билан ҳисобдан чиқариш ҳуқуқига эгадир.

43. Умумий йигилиш қарорларини бажариш Фанлар академиясининг тасарруфидаги барча ташкилотлар, Фанлар академияси ҳақиқий аъзолари ва ходимлари учун тавсия этилади.

6-боб. Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолари ва хорижий аъзолари

44. Фанлар академиясининг шахсий таркибига ҳақиқий аъзолари (академиклар) ва унинг хорижий аъзолари киради.

45. Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолари (академиклар) номзодларни танлаб олиш натижалари асосида Фанлар академияси Президиуми ва Фанлар академияси академикларининг тегишли илмий ихтисосликлар бўйича тавсиясига биноан Ўзбекистан Республикаси Президенти томонидан, белгиланган тартибда бир умрга тасдиқланади.

46. Фанлар академиясининг хорижий аъзоси илмий ютуқлари жаҳон ва мамлакат илм-фани, Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёти ва маданияти ривожига ижобий таъсир кўрсатган, халқаро ҳамкорлик, тинчлик, барқарорлик ва ижтимоий-икдисодий тараққиётга салмоқли ҳисса қўшган хорижий фуқаролар жумласидан тасдиқланади.

7-боб. Ўзбекистон Фанлар академияси академикларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

47. Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Фанлар академиясининг илмий-тадқиқот муассасаларида, тармоқ илмий-тадқиқот марказлари ва таълим муассасаларида илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш;

Фанлар академиясининг илмий-тадқиқот муассасаларида, илмий-тадқиқот ва таълим муассасаларида танловдан ёки аттестациядан ўтмай илмий лавозимларни эгаллаш;

Фанлар академияси Президиумига, Умумий йиғилишга кўриб чиқиш учун илмий ва илмий-ташкилий масалаларни киритиш ва уларнинг муҳокамасида иштирок этиш;

белгиланган тартибда ўзига тегишли ихтисосликлар бўйича Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолигига муносиб номзодлар кўрсатиш ва ушбу номзодларни муҳокама қилиш ва танлов асосида сайлаш юзасидан бўлиб ўтадиган Фанлар академияси Комиссияси йигилишларида иштирок этиш;

Фанлар академиясининг илмий кенгашлари фаолиятида иштирок этиш;

Фаннинг муҳим йўналишлари бўйича илмий кенгашларни шакллантиришга доир ўз таклиф-мулоҳазаларини киритиш;

Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолари белгиланган тартибда ҳар ойлик гонорар оладилар ҳамда белгиланган бошқа ҳуқуқ ва имтиёзлардан фойдаланадилар;

Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси Ўзбекистан фуқаролигини бошқа давлат фуқаролигига ўзгартирганда, белгиланган тартибда Фанлар академиясининг хорижий аъзоси мақомига эга бўлади;

Фанлар академиясининг хорижий аъзолари бошқа аъзолар билан бирдек ҳуқуққа эгадирлар, фақат улар Академиянинг раҳбар органига сайланиш, Фанлар академияси ҳақиқий аъзолигига ўтказиладиган номзодлар танловида иштирок этиш хуқуқларига ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистан Республикаси Фанлар академиясининг академиклари фаолиятини янада такомиллаштириш ва рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2016 йил 29 декабрдаги ПФ-4907-сон Фармонида кўрсатилган имтиёзларга эга бўлмайдилар.

48. Фанлар академияси ҳақиқий аъзоси куйидагиларга мажбур:

илмий тадқиқотларда, тадқиқотларнинг устувор ва истиқболли йўналишларини шакллантиришда иштирок этиш ва фаннинг ўзи сайланган илмий ихтисослик соҳасининг юксак даражада ривожланишини таъминлаш;

олий малакали илмий кадрлар, магистрлар тайёрлаш ишларида, илғор илмий мактабларни шакллантириш ва ривожлантиришда, шунингдек, ўзи бириктирилган олий ва ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими муассасаларига, ишлаб чиқариш корхоналарига илмий-методик ёрдам кўрсатишда бевосита иштирок этиш;

Фанлар академиясига ўз илмий ва илмий-ташкилий фаолияти ҳақида илмий асарлари, илмий-тадқиқотларни амалга ошириш, олий малакали илмий кадрлар тайёрлаш, олий, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими муассасаларига, ишлаб чиқариш корхоналарига эксперт-маслаҳат ёрдами кўрсатишда шахсий ютуқларини қамраб олувчи йиллик ҳисобот топшириш, шунингдек, мамлакатимиз илм-фанини ривожлантириш бўйича ўз тавсия ва таклифларини тақдим этиш;

Фанлар академияси Президиуми, Фанлар академияси президенти, вице-президентлари ва бош илмий котибининг топшириқларини бажариш, Фанлар академиясининг Умумий йиғилиши, тармоқ фанлари бўлими, илмий кенгашлари ишида фаол иштирок этиш.

Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятларни ҳам бажариши мумкин.

8-боб. Фанлар академияси аъзоларини тасдиқлаш тартиби

49. Эълон қилинган илмий ихтсосликлар бўйича Фанлар академияси ҳақиқий аъзолигига номзодларни танлов бўйича танлаб олиш эълон қилинган илмий ихтисосликлар бўйича Фанлар академияси Президиуми аъзоларидан ва Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоларидан иборат танлов Комиссияси томонидан, ушбу Уставга ҳамда Ўзбекистан Республикаси Фанлар академияси ҳақиқий аъзоларини танлов бўйича танлаб олиш ва тасдиқлаш тартиби тўғрисидаги Низомга мувофиқ ўтказилади.

50. Фанлар академиясининг хорижий аъзоси Фанлар академияси таркибига Фанлар академияси тақдимномасига биноан, Умумий йигилишда очиқ овоз бериш йўли билан киритиладилар.

51. Фанлар академияси ҳақиқий аъзолигига номзодлар кўрсатиш ҳуқуқи Фанлар академияси ҳақиқий аъзоларига, илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларининг илмий кенгашларига ёки илмий-техник кенгашларига берилади.

9-боб. Фанлар академияси Президиуми аъзоларини сайлаш тартиби ва уларнинг лавозим мажбуриятлари

52. Фанлар академияси президенти лавозимига номзодлар мазкур Уставнинг 22-бандига мувофиқ Фанлар академисининг ҳақиқий аъзолари орасидан муқобиллик асосида ташкил этилган Кенгашда муҳокама қилинади.

Фанлар академияси Президенти лавозимига муносиб номзод Кенгаш томонидан Умумий йигилишга тавсия этилади.

53. Фанлар академияси президенти Умумий йигилишда очиқ овоз бериш йўли билан сайланади.

Агар Кенгаш аъзоларининг овоз бериши натижасига кўра кўрсатилган номзод етарли овоз тўплай олмаса, Кенгаш раиси иккинчи бор сайлов ўтказади. Бу ҳолда Кенгаш барча Умумий йигилиш аъзолари билан зарур маслаҳатлашувлар ўтказадилар, сўнгра энг мақбул номзодни сайлаш учун Умумий йигилишга тавсия этади.

Умумий йигилишда энг кўп овоз олган номзод сайланган ҳисобланади.

54. Фанлар академияси Президиуми Фанлар академияси президенти лавозимига сайланган номзодни тасдиқлаш учун Умумий йигилиш номидан ёзма равишда Ўзбекистан Республикаси Президентига мурожаат қилади.

55. Фанлар академиясининг вице-президентлари ҳамда бош илмий котиби фан ва техника ривожига улкан ҳисса қўшган, илмий-техник ишланмаларни яратиш ва амалиётга жорий этишда, илмий кадрлар ва юқори малакали мутахассисларни тайёрлашда катта хизмат қилган олимлар қаторидан, Кенгаш билан келишилган ҳолда, Фанлар академияси президентининг тавсиясига биноан, Умумий йигилишда очиқ овоз бериш йўли билан сайланадилар.

56. Фанлар академиясининг ҳудудий бўлимлари раислари, минтақавий бўлимлари раислари, фан йўналишлари бўйича бўлимлар раҳбарлари - Фанлар акдемияси илмий котиблари Фанлар академияси президенти томонидан Фанлар академияси ҳақиқий аъзолари ҳамда лавозим талабларига жавоб берадиган бошқа етакчи олимлар орасидан тайинланади.

57. Фанлар академиясининг вице-президентлари ва бош илмий котиби Фанлар академияси Президентининг белгиланган тартибга мувофиқ тасдиқловига кўра беш йил муддатга ва кетма-кет кўпи билан икки муддатга сайланишлари мумкин.

58. Фанлар академияси Президиуми ўз фаолияти ҳақида Умумий йиғилишга ҳисобот беради.

59. Фанлар академияси президенти:

Фанлар академиясига умумий раҳбарлик қилади, Фанлар академиясини ривожлантириш стратегиясини амалга оширишни ва ўзига юкланган вазифаларнинг бажарилишини таъминлайди, кундалик масалаларни оператив тарзда ҳал этади;

Фанлар академиясидаги ишларнинг аҳволи учун Ўзбекистон Республикаси Президента, Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Фанлар академиясининг Умумий йигилиши ва Президиумида шахсан жавоб беради;

барча юқори давлат ва хўжалик бошқарув органлари, жойлардаги ижро ҳокимияти органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда халқаро майдонда Фанлар академияси номидан иш юритади ва унинг манфаатларини ҳимоя қилади;

Фанлар академиясининг вице-президентлари, илмий котиби, минтақавий бўлимлар раисларининг, Фанлар академияси бошқарув аппарати ходимларининг лавозим вазифаларини тасдиқлайди ва ушбу вазифаларнинг бажарилишини назорат қилади;

Кенгаш фаолияти учун зарур шароитлар яратади, Фанлар академиясининг Кенгаши ва Умумий йигилиши таклиф ва тавсияларини кўриб чиқади;

Фанлар академияси фаолиятининг самарадорлиги ва ривожланишига, илмий тадқиқотларни ривожлантиришга ва замонавий технологияларни ишлаб чиқишга тўсиқ бўлиб турган камчиликларнинг бартараф этилишини таъминлайди;

режалаштирилган илмий тадқиқотларнинг бажарилишини, шунингдек, фан ютуқлари ва янги технологияларнинг ўз вақтида амалиётга татбиқ этилишини назорат қилади;

Фанлар академияси илмий-тадқиқот муассасаларининг олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ҳамда ишлаб чиқариш корхоналари билан самарали ҳамкорлигини таъминлайди;

Фанлар академияси бошқарув аппарати ҳамда унинг илмий-тадқиқот муассасалари ва бошқа ташкилотлари фаолиятини назорат қилади;

Фанлар академияси тизимида илмий кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ишларига раҳбарлик қилади;

Фанлар академияси минтақавий бўлимлари раислари, илмий-тадқиқот муассасалари директорлари, бўлимлар раҳбарлари, бошқарув аппаратининг бошқа ходимларини амалдаги қонунчилик ва белгиланган тартибга биноан лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади, шунингдек, илмий-ёрдамчи ва хўжалик бўлимлари раҳбарларини шартнома асосида лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади;

Фанлар академиясининг илмий-тадқиқот муассасалари ва бошқа ташкилотларида ходимларнинг илмий тадқиқотлари самарали бўлишига ёрдам берувчи шароитлар яратилишини, илмий жамоаларда ижодий муҳит ташкил этилишини таъминлайди;

Фанлар академияси маблағларининг асосий тасарруфчиси ҳисобланади ва улардан оқилона ва самарали фойдаланилишини назорат қилади;

Фанлар академияси президенти бўлмаган ҳолатларда унинг вазифаси муайян муддатга Академиянинг вице-президентларидан бири зиммасига юкланади.

10-боб. Фанлар академиясининг мулки ва унинг фаолиятини молиялаштириш

60. Фанлар академиясининг мулкини унга тезкор бошқарув ҳуқуқи асосида бириктирилган асосий фондлар ва айланма маблағлар ҳамда унинг фаолияти давомида сотиб олинган мулк ташкил этади.

61. Фанлар академиясининг мулкидан фойдаланиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.

62. Фанлар академиясининг фаолияти Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджета маблағлари, шунингдек, қонунчиликка мувофиқ равишда жалб қилинган бюджетдан ташқари маблағлар (ташқи ва ички инвестициялар, ишлаб чиқарилган маҳсулотни ва интеллектуал мулк объектларини реализация қилишдан олинган даромадлар, хайр-саховат сифатида инъом қилинган маблағлар ва бошқалар) ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Фанлар академияси бошқарув аппарати ходимларига иш ҳақи тўлаш, мукофотлаш, моддий ёрдам кўрсатишда давлат бошқаруви органлари ходимлари учун белгиланган шарт-шароитлар татбиқ этилади.

Фанлар академияси бошқарув аппарати ходимларига иш ҳақи тўлаш бўйича разрядлар Фанлар академияси томонидан, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги ва Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланади.

63. Илмий-тадқиқот муассасалари томонидан бюджет ва бюджетдан ташқари маблағларнинг сарфланиши уларнинг белгиланган тартибда тасдиқланган харажатлар сметаси доирасида, қонунчилик ва тегишли муассасалар уставлари талабларига мувофиқ тарзда амалга оширилади.

Фанлар академияси Навоий бўлимининг таъминоти ҳамда ушбу бўлим томонидан амалий ва инновацион тадқиқотларни амалга ошириш учун харажатлар “Навоий кон-металлургия комбинати” давлат корхонаси томонидан, шу жумладан, тегишли илмий-технологик ишланмаларни жорий этиш натижасида олинган соф фойданинг 10 фоизи ҳисобидан қопланади.

64. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан молиялаштириладиган илмий-тадқиқотларнинг натижалари бўйича ҳисоботлар Фанлар академияси олимлари ва илмий-тадқиқот муассасаларининг интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича меъёрларга риоя қилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлигига тақдим этилади.

65. Фанлар академиясининг илмий ходимлари ва мутахассислари ушбу ташкилотларда қонунчилик асосида яратилган интеллектуал мулк объектларига нисбатан муаллифлик ҳуқуқларига эга бўлган субъектлар ҳисобланади.

66. Фанлар академияси ҳузурида Фанлар академияси илмий ходимларини моддий рағбатлантириш Фонди ташкил этилади.

67. Фанлар академияси илмий ходимларини моддий рағбатлантириш Фонди Фанлар академияси муассасаларининг тадбиркорлик фаолиятидан олинган соф фойданинг 10 фоизи миқдорида ажратиладиган маблағ ҳисобидан шакллантирилади.

Фанлар академияси илмий ходимларини моддий рағбатлантириш Фонди ҳақидаги Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

11-боб. Якунловчи қоида

68. Фанлар академияси, унинг илмий-тадқиқот муассасаларини ва бошқа ташкилотларини тугатиш ва қайта ташкил этиш белгиланган тартибда қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.